воскресенье, 29 марта 2015 г.

Бу мақола БЎЙИНБОҒ учун ёзилмаган 

Сахий қуёш осмонга кўтарилгани ҳамоно вужудинг яйрай бошлайди. Кимдир бу яйрашдан ҳаракатга тушиб уруғ сочади, яна кимлардир ҳосилни йиғиб олади. Фақат бази бир  дарахтларнинг нурни тўсиб соя солаётганлигини ҳисобга олмаганда ёруғлик барчага етарли. Ана шундай елкамизга тушаётган ёруғликдан роҳатланиб биз ҳам ўз ишимизни бошлаб юборганимизга анча бўлди.  Яни, камина–ТУЛКИВОЙ бошлиғим ОЛАПАР билан биргаликда ўрмонимизда янги газета очдик. Бу жуда қувонарли ҳол бўлди. Шундан бери елиб-югуриб кимнинг кўзига ола, кимнинг­­ кўзига қора кўриниб юрибмиз. Шу десангиз каминаи камтарин мухбир бўлиб ишлайман. Жойлардан мақолалар тайёрлаб  бошлиғим ОЛАПАРга топшираман. У эса уёқ-буёғини тўғирлаб босишга буюради. Тайёр бўлган газетани ўрмондаги йирикроқ ва баландроқ дарахтларга илиб чиқаман. Сезган бўлсанггиз ишим жуда оғир, барча юк менинг гарданимда. Аммо, ишим ўзимга жуда ёқади. Тўғри, бошида бир қанча ёқмайдиган жиҳатлари ҳам бўлди. Нима учун, дейсизми? Ҳа, бунга етарли сабаблар бор. Келинг яхшиси ҳаммасини бир бошдан айтиб берай.
Бир куни берилган топшириқлар юзасидан ўрмон чеккасидаги асаларилардан хабар олгани йўл олдим. Бориб қарасам МАЙМОҚВОЙ қишга ғамланган асални ари-париси билан қўшиб, чордона қуриб паққос туширяпти. Анжомларни қўлимга олиб дарҳол бу воқеани ёритишга киришдим. Аммо, МАЙМОҚВОЙ бу жараённи ёзмайсан деб туриб олса бўладими. Нима эмиш, бир бочка асал берармиш. “Асалингни ҳам, ўзингни ҳам… ёзаман” дедим. Ҳа, азизлар, кичкина юрагимни қўлимга олиб айнан шундай дедим. Миттигина жуссамиз бўлсада тоғдек виждонимиз бор. Қоринни кам ўйласак ҳам виждонни кўп ўйлаймиз. Тайёрланган қораламани қўлимга олиб ишхонага жўнадим. Бориб қарасааам… биласизларми нима бўлди? МАЙМОҚВОЙ мендан олдин келиб бир бочка асални ўртага қўйиииб ОЛАПАР билан ялаб ўтирибди. Энди буёғи ўзингизга маълум… Лекин, мақолани чиқардик, фақат!.. фақат... озгииина ўзгартиришлар билан. Бу жараён менинг виждонимга зарар етказган бўлсада, газетамизга анча фойда келтирди. Энди уни айиқлар ҳудудига ҳам ила бошладик.
Таҳририятимизга қуёнлардан келиб тушган шикоят юзасидан суриштирув мақсадида улар томонга йўл олдим. Борсам, ҳаммаси рост. Чиндан ҳам НОРБЎРИ  уларни анча қийнаб қўйибди. Қуёнлар ночор аҳволга тушиб қолган. Суриштирувни кўнгилдагидек битириб, қуёнларнинг катта умидини орқалаб ортимга қайтдим. Бир вақт кўзидан ўт сачраб, тишини кўрсатиб НОРБЎРИ йўлимни тўсса бўладими. Жон-поним чиқиб кетди, азизлар! Қовурилган жўжага қарагандай бақрайиб турибди. Бутун ҳаётим кўз олдимда бир сонияда гавдаланди…  Таҳририятга қайтиб ОЛАПАРга шикоят ёлғон эканлигини айтдим.
Тинчроқ мавзу билан шуғилланиш мақсадида қоғоз-қаламни қўлимга олиб ўрмонимиз мевалари ҳақида ёзишга киришдим. Уларнинг турлари, умумий ҳосил ҳажми ҳақида ёзмоқчи эдим, азизлар. Аммо, изланишлар натижасида ҳосилнинг катта қисми ўрмонимиз омборига тушмасдан маймунлар томонидан ўзлаштирилаётганлиги маълум бўлди. Шу билан бу мақола ҳам ёруғ дунёни кўрмасдан кўз юма қолди. Нимага дейсизми? Ахир, маймунларнинг бунақа иш қилаётганлигини ёзиб бўладими. Газетамизни иладиган дарахтлар уларнинг тасарруфида-ку. Дарахтлардан фойдаланишдан маҳрум қилса газетамизни қаерга иламиз, бўйнимизга осиб юрамизми?..
Бошим деворга урила-урила десам нотўғри бўлар, аниқроғи, бошимга девор уриб-уриб ҳаммабоп мақолалар ёзишни ўрганиб олдим, азизлар. Эндиги мақолаларим ҳеч қандай тўсиқсиз босилиб чиқаяпти. Мақолалар ҳам ажойиб. Қандай, денг? БУЛБУЛнинг қариганию, ТЎТИнинг концерт бергани, КАПАЛАКнинг севгисию, ҚЎНҒИЗВОЙнинг иккинчи хотини, ТОВУСнинг уйидаги жанжалидан тортиб, ТОВУҚнинг қандай овқат тайёрлашигача ёзаяпман. Бу жуда осон, энг асосийси, даромадли ҳам. Тўғриси-да, бир ўтиришда ёзиб ташлайдиган нарсангга қалам ҳаққини қуртдай қилиб санаб олганингдан кейин даромадли бўлмай нима бўлсин. Бундан ташқари мукофотлар ҳам олиб турибмиз. Буларнинг энг кўзга кўрингани яқинда бўлди. Қилаётаган ишларим эвазига арқони узууун қилиб боғланган яп-янги бўйинбоғ совға қилишди…


Нажмиддин Эрматов

Комментариев нет:

Отправить комментарий